20:05 | 18.02.22

                       

Комил Алламжонов Тошкент ҳокими лавозимига тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

«Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман — осон эмас ҳоким бўлиш», — деган Алламжонов

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкент ҳокими лавозимига тайёрланаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Унинг ўзи ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

Раиснинг сўзларига кўра, бу хабарлар рост эмас ва «мақсади тоза бўлмаган» одамлар томонидан тарқатилмоқда.

«Мени Тошкент шаҳрига ҳоким бўляпти, деган миш-миш гаплар кимга ва нима учун керак бўлди, билмадим. Бундай фитналар фақат аҳмоқлардан чиқади. Ва уларнинг мақсади тоза эмаслиги аниқ. Худо инсоф берсин ҳаммамизга. Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман — осон эмас ҳоким бўлиш», — деган Алламжонов.

Бундан аввал Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот котиби ҳам «Bugun.uz»га билдирган муносабатида ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилганди. «Бу ҳолатга изоҳ беришга ҳам ҳожат йўқ. Фейк хабар», — дейди фонд матбуот котиби Ҳикматилла Пулатов.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўрнига бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов тайинланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалганди. «Bugun.uz» мухбири ҳолат юзасидан маълумот олиш учун пойтахт ҳокимлиги ва вазирлик ахборот хизмати билан боғланган.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати шаҳар ҳокими ўзгариши хақидаги хабарларни рад этган. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз экани айтилган.

Шундан сўнг «Bugun.uz» мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати билан боғланган. Вазирлик вакиллари ҳам бундай янгилик йўқлигини ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар асоссиз эканини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: