10:55 | 28.03.22

                       

Сурхондарёда МЧЖ раҳбари «Алоқабанк»нинг 220 минг доллар кредитини «еб» юборгани аниқланди

У маҳсулот экспорт қилишда айланма маблағни тўлдириш учун ажратилган пулни ўзлаштирган

Сурхондарёда МЧЖ раҳбари «Алоқабанк» томонидан ажратилган 220 минг доллар кредитни ўзлаштирди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Музработ туман бўлими томонидан АТ «Алоқабанк»нинг Сурхондарё ҳудудий марказининг мурожаатига асосан текширув ўтказилган. Аниқланишича, «T.Y.E.» МЧЖ собиқ раҳбари И.С. банкнинг вилоят филиали томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш учун ажратилган 220 000 доллар кредит маблағини ўзининг шахсий эҳтиёжига ишлатиб юборган.

Шунингдек, у банк филиали масъул шахслари билан тил бириктириб, баҳоси 737,8 миллион сўм бўлган бинонинг нархини сунъий равишда оширган ҳолда 2,5 миллиард сўмга ўзаро келишув далолатномасига асосан гаров таъминоти сифатида қўйиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Сирдарёда «Халқ банки» собиқ ходимлари 61 кишининг пулини ўзлаштиргани аниқланганди. Улар фуқаролар хабардорлигисиз 1,2 млрд сўм кредит ажратиб, «еб» юборган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: