13:40 | 14.04.22

                       

«Мақсадимиз рейтинглар билан ишлаш эмас, аниқланган камчиликларимизни бартараф этиш» — Танзила Норбоева

Сенат раиси қатор вазирликларнинг халқаро рейтинглар бўйича фаолиятини танқид қилди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 14 апрель куни ўтказилган Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг йиғилишида бир қатор вазирликларнинг халқаро рейтинг ва индекслар юзасидан фаолиятини танқид қилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Маълум бўлишича, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган жами 512 та банддаги вазифаларнинг 96 фоизи (489 таси) бажарилган. Режада белгиланган вазифаларнинг 23 таси, яъни ижтимоий-иқтисодий соҳада 17 та ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳада 6 та вазифа бажарилмаган. Хусусан, Жамоатчилик палатаси масъул бўлган 4 та вазифа бажарилмай қолган.

«Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан республикада брокерлик хизматларини кўрсатиш бўйича ким ошди савдоларини ўтказиш учун Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмаси иштирокида ягона ахборот платформасини ишлаб чиқиш вазифаси бажарилмаган. Вазирлик Жаҳон банкининг ‘Бизнес юритиш’ йиллик хисоботи юритилиши тугатилганлиги сабабли ушбу вазифани амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб топган.

Яна бир бор такрорлашга мажбурман. Асосий мақсадимиз рейтинглар билан ишлаш эмас. Рейтинглар аниқлаб бераётган камчиликларимизни бартараф этиш. Бу орқали аҳолига қулайликлар яратиш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш. Рейтинг тугатилди деб ҳеч нарса қилмай, қўл қовиштириб тураверамизми?!», — деди Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат раиси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Бола саломатлиги паспорти»ни жорий этиш орқали болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада кучайтириш вазифаси ҳам бажарилмаганини таъкидлади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2021-2030 йилларга мўлжалланган Бандлик ва меҳнат муносабатлари миллий стратегиясини ишлаб чиқилгану, ҳужжати қабул қилинмаганини ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Wikipedia интернет энциклопедиясига маълумотларни жойлаштириш ва уларни доимий равишда янгилаб бориш бўйича йўриқнома ташкил қилинмаганини қайд этди. Маданият вазирлиги томонидан концерт ва кўнгилочар лицензия эгалари фаолиятини баҳолаш учун ягона портални яратиш вазифаси ҳам бажарилмагани ҳақида гапирди. Танзила Норбоева вазирликларга юқоридаги вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш борасида муддат белгилаб берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Жаҳон мамлакатлари демократияси индексидаги ўрни хабар қилинганди. Шунингдек, мамлакатнинг бахтли давлатлар рейтингихавфсиз давлатлар рейтинги ва электр энергияси энг арзон мамлакатлар рейтингидаги ўрни маълум бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: