8:04 | 16.04.22

                       

ДХХ хориждан ўқишни кўчириш учун қалбаки ҳужжат тайёрловчи жиноий гуруҳни ушлади

Гуруҳ аъзоларидан бири банк ходими

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқандда хориждан ўқишни кўчириш учун қалбаки ҳужжат тайёрловчи жиноий гуруҳни ушлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир олиб борилган.

Жараёнда Самарқанд шаҳридаги ўқув марказларидан бирининг раҳбари 2000 йилда туғилган Р.Ҳ ва банк ходими 2000 йилда туғилган Х.Ф. 5000 доллар эвазига маҳаллий фуқарони Украина олийгоҳининг 1-курсида ўқигани тўғрисида ҳужжат тайёрлаб, кейинчалик ўқишини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига кўчириб беришни ваъда қилгани аниқланган. Улар сўралган пулнинг 2500 долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда, ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида қалбаки пул тайёрлаш ва муомалага чиқариш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: