16:14 | 17.05.22

                       

Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида кўтарилган қўзғолон ортидан директор ишдан бўшатилди

Бош прокуратура Bugun.uz’га текширув натижаларини тақдим этди

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Марказ-5 да жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилари ҳамширанинг бинога киришига қаршилик қилиб, плакатлар кўтариб чиққани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан текширув натижаларини «Bugun.uz»га тақдим этди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Қайд этилишича, хабар асосида Юнусобод тумани прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан 21-сон Меҳрибонлик уйининг фаолияти текширилган. Текшириш давомида муассасада носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли айрим тарбияланувчиларда норозилик кайфияти пайдо бўлганлиги ва намойиш уюштирилганлиги аниқланган.

«Шу сабабли, 26 апрель куни 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бундан ташқари, текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги маълум бўлди», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси(Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тарбияланувчилар мазкур тарбия муассасаси ҳамшираси З.К ни Меҳрибонлик уйи биносига киришига қаршилик кўрсатмоқчи бўлишгани маълум қилганди. Муассасага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари зудлик билан етиб келган ҳамда вазиятни юмшатишган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилганди.

Шунингдек, аввалроқ Тошкентдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига ўқитувчи зўравонлик қилгани аниқланганди. Шунингдек, шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси мазкур тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: