22:37 | 13.07.22

                       

ДТМ мутахассиси қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилиши бўйича хабарга изоҳ берди

«Бу бўйича таклифлар киритилган ва ижобий ҳал бўлиши кутилмоқда» — дейди Жамшид Одилов

Интернетда қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилиши бўйича хабарлар тарқалди. ДТМ мутахассиси Жамшид Одилов «Bugun.uz» билан суҳбатда қабул қачонгача узайтирилиши ва қорақалпоғистонлик абитуриентларга яна қандай шароитлар яратилгани бўйича маълумот берди.

Кадр: YouTube / Bugun UZ

Унинг айтишича, ҳозирда қабул қайси муддатгача узайтирилиши аниқ эмас. Лекин бу бўйича таклифлар киритилган ва ижобий ҳал бўлиши кутилмоқда.

«Ўзи умуман қорақалпоғистонлик абитуриентларни рўйхатдан ўтишига тўхталадиган бўлсак, биламизки у ерда интернет билан боғлиқ маълум муаммолар мавжуд. Лекин 9 июлдан бошлаб Қорақалпоғистонда my.gov.uz ва my.dtm.uz сайтлари тўлиқ ишга туширилган. Яъни абитуриентларимиз шу сайтлар орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Ва абитуриентларга қўшимча имконият, шароит яратиш мақсадида Нукус шаҳридан ташқари 16 та туманда Давлат хизматлари марказлари ҳам мавжуд, шу ерда абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш йўлга қўйилган. Яъни абитуриент хоҳласа у ерда, хоҳласа онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.

Шунингдек, бу марказларга тегишли олий таълим муассасаларидан мутахассислар ажратилган. Бундан ташқари, у ерда call-марказлар ишга туширилган. Ҳар бир олий таълим муассасасида ҳам салл-марказлар мавжуд. Яъни абитуриентларимиз қайси ОТМга ҳужжат топширган бўлса, шу ОТМнинг ўзидан барча маълумотларни олиши мумкин. Ва ДХМдан ташқари ҳозирда 100 га яқин мактабларда абитуриентлар штаблари мавжуд. Мазкур штабларда ҳам абитуриентлар онлайн рўйхатга олиняпти.

Бундан ташқари, қорақалпоғистондаги барча абитуриентларга қайси уяли алоқа оператори мижози бўлишидан қатъий назар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида SMS-хабарномалар юборилди. Мазкур хабарномаларда қаерда ва қайси сайтлар орқали рўйхатдан ўтиш мумкинлиги ёзилган.

Қорақалпоғистонлик абитуриентларга рўйхатдан ўтиш муддати қачонгача узайтилирилиши ҳали аниқ эмас. Бу аниқ бўлиши билан қўшимча маълумот берамиз. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, масалан, ҳудудлар кесимида 11 июль кунги ҳолатни қарасак, Сирдарё вилоятида 1 кунда 1 минг 200 нафар, Навоий вилоятида адашмасам 1 минг 800 нафар, Қорақалпоғистонда эса 3 минг 600 нафардан зиёд абитуриент рўйхатдан ўтган. Бу Қорақалпоғистонда ҳозирги кунда онлайн рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ муаммо йўқлигини кўрсатади», — деган Жамшид Одилов.

Суҳбатни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Аввалроқ Қорақалпоғистонлик абитуриентлар учун қабул муддати узайтирилиши хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: