18:54 | 10.11.22

                       

Ўзбекистонда тўлов-контракт тўлаш муддати узайтирилди

Аввалроқ контракт тўлашнинг охирги муддати этиб 1 ноябрь белгиланганди

Ўзбекистондаги бакалавриат ва магистратура мутахассисликларига тўлов контракт маблағларини тўлаш муддати 2022 йил 10 декабрга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарорига мувофиқ 2022/2023-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликларига тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ҳамда ўқишини кўчираётган ва тиклаётган талабалар учун белгиланган контракт тўловларини тўлашнинг сўнгги муддати 2022 йилнинг 10 декабри этиб белгиланди.

Шунингдек, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар, хорижий (филиаллар) ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан ўқишини кўчириётган талабалар учун бир йиллик ўқитиш қийматининг 50 фоизини тўлаш ва талабалар сафига қабул қилишнинг сўнгги муддати ҳам 10 декабрь этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олийгоҳларида 2022/2023-ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари оширилмаслиги, мамлакатдаги барча ОТМларда супер контракт миқдори 10 фозига камайтирилгани маълум қилинганди. Аввалроқ контракт тўлашнинг охирги муддати этиб 2022 йилнинг 1 ноябрь санаси белгиланганди. Шунингдек, Ўзбекистондаги коллеж ва техникумлар учун ҳам контракт миқдори оширилмаслиги ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: