18:16 | 05.01.22

                       

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди

Тўқаев аҳолига мурожаат қилиб, бу лавозимни ўзи эгаллаганини маълум қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги намойишлар фонида 5 январь чоршанба куни аҳолига мурожаат қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Zakon.kz»

Маълум қилинишича, президент 5 январдан бошлаб Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари эканини айтган. Шу пайтгача бу лавозимда Назарбоев Хавфсизлик Кенгашига умрбод раислик қилиб келган.

Шунингдек. у мурожатда пойтахтда халқ билан бирга бўлишини қайд этган. Тўқаев Қозоғистондаги қарама-қаршиликларда хавфсизлик кучлари орасида қурбонлар борлигини айтиб ўтган. У бугундан бошлаб расмийлар намойишлар пайтида ҳуқуқбузарларга нисбатан имкон қадар қаттиққўл ҳаракат қилиш ниятида эканини билдирган.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар ортида «молиявий жиҳатдан мотивларга эга кимсалар» турибди ва уларнинг бу борада «пухта ишлаб чиқилган режаси» бор.

Маълумот учун, Қозоғистонда 2 январдан буён газ нархи ошишига қарши аҳоли намойишлар ўтказмоқда. 4 январь куни намойишчиларга талабларни бажаришга — ёқилғи нархини литри учун яна 50 тенгега туширишга ваъда берилган. Лекин бу ҳам митинг кўламини бостиришга ёрдам бермаган. Қозоғистонда давом этаётган намойишлар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари 200 дан ортиқ одамни ҳибсга олган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев яқин олти ойда коммунал хизматлар учун тарифларни оширмасликни таклиф қилган, суюлтирилган газни электрон савдо ва биржалар орқали сотишни кечиктиришни буюрган. Шунингдек, Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарган.

Маълумотларга кўра, 95 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими тан жароҳати олган, 37 та хизмат машинаси шикастланган. Мамлакатнинг Олмаота, Чимкент ва Тараз шаҳарларида намойишчилар ҳокимият биноларига зарар етказган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: