18:40 | 24.01.22

                       

Ҳеч бўлмаса, Тошкент шаҳар бўлиб қолсин. Кўп муҳокамаларга сабаб бўлган жамоат транспорти масаласи ҳақида

Bugun.uz ва Взгляд.uz нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш, трамвайларнинг ўрни ҳақида фикр юритади

Ўзбекистонда сўнгги кунларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири жамоат транспорти масаласи бўлди. Бу ҳақда кеча ёки бугун гапирилиб қолгани йўқ. 2019 йилнинг октябрь ойида ҳам Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти муаммолари ҳақида сўз юритган ва «жамоат транспорти ҳар томонлама қулай ва арзон, асосийси, машинада юришдан арзон бўлиши керак»лиги ҳақида гапирганди. Қуйида «Bugun.uz» ва «Взгляд.uz» нашрларининг бирлашган таҳририяти раҳбари Бекзод Нугманов пойтахт жамоат транспортини ривожлантириш, трамвайларнинг ўрни ҳақида фикр юритади.

Коллаж: «Bugun.uz»

Юқорида келтирилган муаммо тилга олинганидан бери орадан қарийб уч йил ўтди, Тошкент миқёсида оладиган бўлсак, кўп нарса ўзгаргани йўқ. Президент берган топшириқлар қанчалик бажарилди, деган саволга шунчаки кўчага чиқиб жавоб топиш мумкин. Одамлар уч йил олдин ҳам, бугун ҳам биринчи навбатда такси орқали манзилга етиб олишни энг қулай йўл деб ҳисобламоқда. Жамоат транспортлари (метро бироз истисно дейлик, майли) асосан молиявий имконияти чекланганлар ёки талабалар учун мажбурий, шу билан бирга, ноқулай транспорт сифатида қолмоқда. Ишга, ўқишга шошилмаяпсизми, марҳамат, 30–40 дақиқада бир келадиган автобусга тиқилиб, уртиб-суртиб чиқиб олинг ва амаллаб манзилингизга етиб оласиз. Агар ёзнинг жазирама куни бўлса, аҳвол янаям оғирлашади. Бугунги жамоат транспорти деганда фақат шу тасвир кўз олдимизга келиб қолган.

Аслида Тошкентда 20 йилча олдин ҳолат ҳозиргисидан анча яхши эди. Гап аҳоли ва автомобиллар сонининг кўпайиши билан боғлиқ, демаган бўлардим. Ўша вақтларда бугунги экологияни даҳшатли чиқиндиси билан зарарлаётган шалоғи чиққан «маршрутка», «Isuzu»лар ўрнида трамвай ёки троллейбуслар бўлган. Энг асосийси, трамвайлар кичик маҳаллалар ичидан ҳам ўтарди. Кечки 9–10 да ҳам уйга етиб олиш ҳақида қайғурилмасди. Чунки жамоат транспорти тизими ҳар ҳолда яхши ишларди.

Куни кеча Тошкентга трамвайни қайтариш масаласи бекорга кўтарилгани йўқ. «Пробка»ларни камайтириш фонида таг-туги билан қўпорилган (ёки шунчаки асфальт остига кўмиб юборилган) трамвай линиялари бугун ривожланган давлатларнинг намунали жамоат транспортида хавфсиз, асосийси, экологик тоза транспорт бўлиб қолмоқда. Унинг линиялари ўрнида қилинган янги асфальт йўллар, телевидениеда оғиз кўпиртириб мақталган кўпригу йўл ўтказгичлар эса тирбандликларни камайтира олгани йўқ.

Тошкент, умуман, республиканинг исталган шаҳар марказлари том маънода шаҳар номини олиши учун жамоат транспорти тизими қониқарли бўлиши керак. Президент айтганидек, одамлар ишга, ўқишга машинада эмас, автобусда бориши қулай бўлиши керак. Шундагина ҳақиқий шаҳар инфратузилмаси яратилган бўлади.

Ҳозирча эса Тошкент шалдироқ аравага айланиб қолган «маршрутка»лар тутуни орасида қолаётган шаҳар бўлиб турибди. Уни тезроқ тутунлар орасидан олиб чиқиш керак. Вақтида чоралар кўрилмаса, Тошкент навбатдаги Бомбей, яна бир Қоҳирага айланиб қолиши аниқ. Вилоятлар-ку, бўлари бўлиб бўлди. Ҳеч бўлмаса, Тошкентни асраб қолайлик.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: