12:35 | 29.01.22

                       

Афғонистонда одамлар очарчилик туфайли боласини сотмоқда

Шунингдек, буйракларни сотиш ҳолатлари ҳам кузатилган

Афғонистонда одамлар озиқ-овқат сотиб олиш учун буйраги ва ҳатто ўз фарзандларини сотишга ўтгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Daily Mail» хабар берди.

Фото: «Metro»

Маълум қилинишича, Афғонистондаги кўплаб оилалар ўз аъзоларини, хусусан, буйрагини озиқ-овқат учун сотишга мажбур бўлмоқда, чунки мамлакат гуманитар инқирозга чуқурроқ кириб бормоқда. Жумладан, бир оиланинг 5 аъзоси шундай операцияга рози бўлган. Айрим органлар тахминан 1500 долларга сотилган.

Бундан ташқари, аъзоларини аллақачон сотиб юборган аҳолининг баъзилари ўз фарзандларини сотишга ўтаётгани, чунки уларнинг «сотишга ҳеч нарсаси қолмагани, Афғонистон иқтисодиёти эса таназзул ёқасига келиб қолгани» хабар қилинган.

Исмини ошкор қилишни истамаган эр-хотинлардан бири нашрга саккиз фарзандини боқиш учун буйрагини сотгани ва ҳозирда болаларидан бирини сотишни ўйлаб кўраётгани, акс ҳолда барча болалар очликдан ўлишидан қўрқаётганини айтган.

«Тахминан олти ой олдин, менинг уч ёшли ўғлим очликдан вафот этди. Улар ҳаётдан қандай маҳрум бўлишини кўра олмайман. Ҳеч бўлмаганда уларни кимдир боқиб олади», — дейди 25 ёшли она.

Британиянинг «SkyNews» телеканалига кўра, Ҳиротдан ташқарида, Эрон билан чегарадош қишлоқда кўпчилиги ҳали ўсмир бўлган ўнлаб аёллар ва қизлар ҳам ўз оилаларини боқиш учун буйракларини сотмоқда. Қайд этилишича, кўплаб қишлоқ аҳолиси қарзини тўлаш учун Эрондан келган харидорларга буйрагини сотиб юборган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон ликвидлик инқирозини бошидан кечирмоқда, чунки АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги активлар ҳамон музлатилган, халқаро ташкилотлардан тўловлар тўхтатилган. Шу боис, 15 ёшгача бўлган фарзандларини сотишдек ноқонуний амалиётга қўл ураётган оилалар сони ортиб бораётгани хабар қилинади.

Аввалроқ Афғонистонда гиёҳвандлар сони рекорд даражага етгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: