13:33 | 17.02.22

                       

Ўзбекистонда 20 сони туширилган банкнот муомалага чиқарилгани айтилмоқда — видео

Марказий банк тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди

Ўзбекистонда 20 сони туширилган банкнот муомалага чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram/ @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, сўм муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган намуна Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмайди. Қайд этилишича, янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки Давлат белгиси корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.

«Банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган. Шу сабабли, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан аҳоли орасида ҳар хил саволлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслик мақсадида асоссиз ахборотларни тарқатмаслик сўралади», — дейилади хабарда.


Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда муомалага киритилиши кутилаётган банкнот ҳақида гапирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: