21:53 | 21.02.22

                       

ДХХ жойларда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди — видео

Ҳолат юзасидан бир нечта вилоятда тезкор тадбир ўтказилган

Давлат хавфсизлик хизмати жойларда гиёҳванд моддалар савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.
Кадр: You Tube
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Узун туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Тожикистон Республикасидан 5 килограмм 593 грамм опий моддасини мамлакатга олиб келган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Узун туманида яшовчи 1986 йилда туғилган жиноий шериги ҳамда буюртмачилар ҳисобланган, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1985 ва 1990 йилларда туғилган ака-ука ҳам ушланган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида эса Термиз шаҳрида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1990 ҳамда 1992 йилларда туғилган 2 нафар ўғли ўзининг «Cobalt» русумли автомашинасида Тошкент шаҳри томон кетаётганда Чироқчи туманидаги «Умакай» ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг мотор қисмига яшириб қўйилган 1 килограмм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

«Умакай» ЙПХ масканида қайд этилган яна бир ҳолатда Термиз–Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина тўхтатилиб текширилди. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган 1959 йилда Денов туманида туғилган, муқаддам икки маротаба гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахс ёнида 350 грамм гашиш ва 65 грамм опий моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, учинчи шахслар томонидан Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ушбу наркотиклар Тошкент шаҳрида сотилиши керак бўлган.

Фарғона туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган фуқаро 426 грамм гашиш моддасини Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб ўтиб, шундан 107 грамини Бувайда туманида яшовчи, муқаддам судланган шахсга сотаётган вақтида уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинди.

Шунингдек, унинг бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомашина салонига яшириб қўйилган наркотик модданинг қолган қисми ҳам аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Наманган вилоятида кузатилган ҳолатда эса Тошкент шаҳри томон ҳаракатланиб кетаётган автотранспорт воситаси Поп туманида жойлашган «Наманган мунтазам» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада унда 2160 дона флаконда «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги маълум бўлди ва процессуал тартибда олиб қўйилди. Аниқланишича, Қирғизистон Республикасидан ноқонуний олиб ўтилган мазкур дори воситалари Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган муқаддам судланган шахсга тегишли бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ синтетик гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи талабаларни ушлагани хабар қилинганди. Шунингдек, хизмат ходимлари жойларда 2,4 миллиард сўмлик ноқонуний товарлар контрабандасига чек қўйганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: