14:49 | 23.02.22

                       

Тошкент–Мўйноқ–Нукус йўналишида авиақатнов йўлга қўйилади

Шавкат Мирзиёев Мўйноққа ташрифи давомида бу ҳақда маълум қилди

Шавкат Мирзиёев 23 февраль куни ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташриф буюргани хабар қилинганди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат раҳбари Мўйноқ шаҳрига борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу ер мамлакатнинг олис ҳудудларидан бири ҳисобланади. Энг яқин шаҳар — Қўнғиротгача 100, Қорақалпоғистон маркази — Нукусгача 200 километр масофа бор. Бу коммуникацияда қийинчилик туғдириб келган. Шу боис ҳудудни ривожлантириш бўйича иккита қарор қабул қилиниб, манзилли дастурлар амалга оширилган. Президентнинг ўзи ҳам Мўйноққа икки марта — 2018 ва 2019 йилларда ташриф буюрган. Ўшанда бу ерда транспорт коммуникацияларини яхшилаш бўйича кўрсатма берилган эди. Шунга мувофиқ, автомобиль йўллари таъмирланди. Мўйноқ аэропорти янгиланиб, ишга туширилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу «ҳаво порти» 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай ҳам қолган.

Давлат раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.

Президент шу ерда мўйноқлик ёшлар, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Охирги беш йилда кўп нарсани ўргандик, илгари ишонилмаган нарсаларга ишондик. Мен биринчи келганимда ‘маданият Мўйноқдан бошланади’ дегандим. Шундай бўляпти. Мана шу аэропорт ҳам бир мисол. Энди Тошкент–Мўйноқ–Нукус авиақатнови йўлга қўйилади», —  деди Шавкат Мирзиёев.

Ташрифдаги яна бир янгилик — Оролбўйини биргаликда ривожлантириш мақсадида Қорақалпоғистон туманлари муайян вилоятларга бириктирилган. Президент бунинг сабаби ва аҳамиятини тушунтириб берди.

«Оролбўйида аҳвол ёмон деб кўпчилик гапиради. Лекин ҳамма ҳам бу ерга келиб кўрмаган. Оролнинг ҳавосидан нафас олиши, шароитни кўриб, адолатли баҳо бериши учун бу ерга бутун республикадан раҳбарларни юбордим. Қорақалпоғистон ривожига катта маблағ йўналтирамиз», — деди Президент.

Давлат раҳбари Мўйноқдаги долзарб масалалар, келгуси ишлар бўйича аҳоли фикрини сўради.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу ерда қийинчиликларда тобланган, меҳнаткаш одамлар яшайди. Фақат уларга ишлаш учун шароит яратиб беришимиз керак. Лекин қандай корхона қурамиз? Нима ишлаб чиқарамиз? Унинг бозори нима бўлади? Самолёт келгани бежиз эмас. Энди маҳсулотларни ташиш осонлашади. Шунинг учун сизлардан илтимосим: аччиқ, асосли, манфаатли гапларни айтинглар. Биргаликда яқин икки йилга аниқ режаларни белгилаб олишимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Жамоатчилик вакиллари ҳудуддаги муҳим масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди. Президент уларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга топшириқлар берди. Қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга хизмат турларини кенгайтириш, хусусан, кўнгилочар ўйинлар учун солиқ имтиёзлари бериш зарурлигини таъкидлади. Бу ички туризм ривожига, иш ўринлари очилишига хизмат қилади.

Мўйноқ туманига Тошкент вилояти бириктирилган. Учрашувда ушбу вилоят тадбиркорлари томонидан Мўйноқ туманида амалга ошириладиган ишлар ҳақида аҳоли вакиллари олдида тақдимот ўтказилди. Қайд этилганидек, бу ерда истироҳат боғи қурилади, қўшимча қувур тортиб келинади. Кексалар санаторий, болалар оромгоҳларга юборилади. Давлат раҳбари аҳоли саломатлиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бу ерга келиб ишлайдиган шифокорларга ойлик устамалар бериш, уй билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: