16:31 | 12.03.22

                       

Тошкент ДСҚ бошқармаси бошлиғи ўринбосари пора билан ушланди

У тадбиркордан фирманинг СТИР рақамларини тўғрилаб бериш учун 200 доллар олган

Тошкент шаҳар Статистика қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича бошқарма бошлиғи ўринбосари 200 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 2 март куни пойтахт Ички ишлар бошқармаси бошлиғига МЧЖ раҳбари ариза билан мурожаат қилган. Унда у раҳбарлик қилаётган фирма ҳақида Статистика қўмитасининг электрон ҳисобларига реквизитлар хатолик билан киритилгани сабаб қўмита Тошкент шаҳар бошқармасига мурожаат қилган ва бошқарма бошлиғи ўринбосари фирманинг СТИР рақамларини тўғрилаб, электрон ўзгартириш киритиш учун 200 доллар беришини талаб қилгани айтилган.

Тошкент шаҳар Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Бошқарма бошлиғининг ўринбосари ариза муаллифидан 200 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда ИИБ ходими айбланувчига чора кўрмаслик эвазига 5000 доллар пора олаётганда ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: