23:20 | 14.03.22

                       

Навоийда Халқ банки ходими 102 млн сўмни «еб кетди»

У бунинг учун қариндошларидан фойдаланган

 Навоий вилоятининг АТ «Халқ банки» Нурота филиалида бош мутахассис лавозимида ишлаган Х.Ф. 102 млн сўмни «еб кетгани» маълум бўлди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, у бош мутахассис вазифасида ишлаб, яқин қариндошлари номига фирибгарлик йўли билан банкдан кредит олишга асос бўладиган тегишли ҳужжатларга имзо қўйдириб олган. Сўнг қарийб 92 миллион 452 минг сўм кредит маблағи эвазига олинган маҳсулотларни сотиб юборган ва пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатган.

Қайд этилишича, Х.Ф. кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш билан қаноатланмаган. АТ «Халқ банки» Нурота филиалига кредит тўловларини тўлаш учун келган фуқаро Н.Ж.дан 10 миллион сўм пул маблағини кредит қарздорлигини тўлаб қўйишини билдириб, олиб қолган. Аммо «банкир» ушбу пул маблағини кассага кирим қилмасдан «еб юборган».

«Х.Ф.га нисбатан тергов органлари томонидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг ‘б’ банди ва 228-моддаси 2-қисмининг «а» бандида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Х.Ф. томонидан етказилган зарар тўлиқ қоплангани эътиборга олиниб, 1 йил муддатга банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди», — дейди жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси Авазжон Ибодов.

Аввалроқ Тошкент вилоятида кредит маблағини талон-торож қилган 2 та банк ходими ушланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: