12:31 | 17.03.22

                       

Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси маъқулланди

«Унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча муҳим жиҳатлар инобатга олинган», — деди Сенат раиси

Сенатнинг 17 март кунги йигирма тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қайд этилишича, сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги қайд этилган. Шунингдек, иш берувчиларга, хусусан қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланган.

«Меҳнат қонунчилиги жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун долзарб ҳаётий аҳамиятга эга. Шу маънода янги таҳрирдаги кодекс жуда муҳим ҳужжат. Унда замонавий меҳнат муносабатлари билан боғлиқ барча жиҳатлар инобатга олинган.

Меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга (ХМТ) мос тарзда ёритилган. Айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгилангани эътиборга молик», — деди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Таъкидланишича, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилган.

Қонун Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат кодекси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: