10:20 | 18.03.22

                       

Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти бошланди

Учрашувда соҳанинг 13 минг нафардан зиёд ходими иштирок этмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти бошланди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бундай тадбир мамлакат тарихида илк маротаба ўтказилаётган бўлиб, унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилади. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан 25 мингдан ортиқ мурожаат ва таклифлар келиб тушган.

Хусусан, улар таҳлил қилиниб, «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида юртимиз соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва халққа тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Учрашувда соҳанинг барча бўғинларидан 20 мингга яқин ходим иштирок этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, соҳадаги муаммо ва камчиликларни ижобий ҳал қилиш мақсадида махсус Call-марказ ишга туширилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: