11:10 | 18.03.22

                       

Ўзбекистонда пенсиядаги шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилади

Шавкат Мирзиёев ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошланишини айтди

Шавкат Мирзиёев очиқ мулоқотида пенсиядаги шифокорларга уйида оилавий шифохона очишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилингишича, ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.

«Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида, биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз. Бунинг учун алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, балки бу тоифадаги шифокорлар ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади. Якка тартибдаги оилавий шифокорларга, аҳолига бепул кўрсатилаётган хизматлари учун тўлов босқичма-босқич Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали берилади», — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, Призедент ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошланишини, кейинчалик зарур тайёргарликни кўриб, босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент нега иқтисодчини ССВ вазири этиб тайинлаганини айтганди. Бундан ташқари, 2022 йилда тиббиёт соҳасига 24 триллион сўм ажратилиши маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: