22:22 | 19.03.22

                       

Президент маҳалла ва қишлоқларда ижтимоий соҳа объектлари қуриш бўйича қарорни имзолади

Ҳудудларда боғча, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари қурилади

«2022–2026 йилларда ‘Обод қишлоқ’ ва ‘Обод маҳалла’ дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, 2022–2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллалар сони бўйича мақсадли параметрлар тасдиқланди.

Белгиланган йилларда республикадаги жами 2 043 қишлоқ ва маҳаллаларда (жумладан, 2022 йилда 413 тасида) қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Дастурлар доирасида белгиланган йилларда жами 4057 та ижтимоий соҳа объектларини, жумладан, 2022 йилда:

  • 143 та боғча;
  • 265 та мактаб;
  • 137 та соғлиқни сақлаш муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган.

Шунингдек, 27 722,5 километр ички йўллар, 18 574,8 километр ичимлик сув тизимлари яхшиланади. Жами 5962 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари комплекслари, бозорлар (жумладан, 2022 йилда 253 та маҳалла биноси ва гузар, 894 та бозор) қурилади ҳамда таъмирланади. 78 та янги автобус йўналишлари (2022 йилда 16 та) ташкил этилади.

Ички йўлларни таъмирлаш учун 2 триллион сўм, ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 1 триллион сўм, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш (таъмирлаш) ва ободонлаштиришга 1,4 триллион сўм маблағ ажратилади.

Қарорга кўра, 2023 йилдан қишлоқ ва маҳаллалардаги мавжуд ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларининг ҳақиқий ҳолати тасдиқланган мезонлар асосида баҳоланиб борилади. Шу билан бирга, баҳолаш натижаларига кўра энг паст кўрсаткич қайд этган ва ўтган давр мобайнида дастурларга киритилмаган қишлоқ ва маҳаллалар Дастурларга биринчи навбатда киритилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: