17:52 | 29.03.22

                       

Ўзбекистонда Судьялар олий мактаби қайси хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилади?

Хусусан, мактабда кимлар ўқиши ҳақида маълумот берилди

АОКАда 29 март, сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Судьялар олий мактаби қайси давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани ва тингловчилар қайси хориж мамлакатларининг тажрибаси асосида ўқитилиши борасида маълумот берилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби 20 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, улар билан икки томонлама меморандумлар имзоланган.

«Судьялар олий мактаби Ўзбекистон тарихида биринчи марта фаолиятини бошлаган бўлса, унинг учун халқаро тажриба ниҳоятда муҳим. Мактаб айни пайтгача дунёнинг энг ривожланган Шарқ ва Ғарб мамлакатлари билан бевосита ҳамкорликни амалга оширган. Хусусан, Туркия, Россия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг одил судлов академиялари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шунингдек, USAID агентлиги, БМТ, БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, «Халқаро юристлар ко¬миссияси» ва «Минтақавий мулоқот» халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилган. Судьялар олий мактабининг бир қанча мутахассислари мана шу мамлакатларга бориб, у ерда судьяларни тайёрлаш тажрибаси билан танишиб, ўрганиб келган ва миллий тажрибани ҳам тарғибот қилиб келган.

Судьялар олий мактаби фақатгина ўзининг қолипи даражасида эмас, балки Ўзбекистондаги ҳукуқ муассасалари билан ҳам алоқаларимиз мавжуд», — деди мактаб муассислигидаги Одиллик мезони журнали бош муҳаррири Арслон Эшмуродов.

Таъкидланишича, мактабда магистрлари бир йил давомида судья ёрдамчиси оладиган маош миқдорида маблағ билан таъминлаб турилади. Маълумот ўрнида, Судьялар олий мактаби магистратурасига қабул фақат олий юридик маълумотга эга, 34 ёшдан кичик бўлмаган, етти йиллик иш тажрибасига эга бўлган шахслар орасидан танлов асосида амалга оширилади. Қабул квотаси Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланади. Хусусан, мактабда

  • грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури;
  • давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;
  • давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Судьялар олий мактаби магистратурасига кириш имтиҳони қачон ўтказилиши маълум бўлганди. Шунингдек, Судьялар олий мактабида Ўзбекистон ва Россия ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммолари мавзусида семинар ташкил қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: