9:54 | 02.04.22

                       

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ташкил этилади

Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди

Президент 31 март куни «Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Фото: Навоий давлат кончилик институти матбуот хизмати

Навоий вилоятида юқори малакали, чуқур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўша оладиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, Президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида:

1. Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети этиб қайта ташкил этилади.

2. Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;
  • етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;
  • замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши учун янги ишланмаларни яратиш, талабаларга таълим жараёнида илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш;
  • саноат ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, тадқиқот натижалари ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
  • ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, талабалар назарий билимларининг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
  • ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;
  • илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.

3. Университет ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:

  • Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали негизида Нукус кончилик институти;
  • «Навоий» илмий-технология саноат парки.

2022–2023 ўқув йилида:

  • Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми негизида Кармана политехника техникуми;
  • «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси тизимидаги Нурота саноат-кончилик коллежи негизида Ғозғон политехника техникуми.

Аввалроқ Тошкент ирригация институти университетга айлантирилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: