8:11 | 04.04.22

                       

Қашқадарёда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққани айтилди — видео

Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан тушунтириш бериб, ходимлар жамоат тартибини сақлаганини маълум қилди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 31 март куни фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасида жанжал келиб чиққани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Қайд этилишича, соат 09:00да Оқолтин маҳалласида жойлашган «Шомурод ота» фермер хўжалиги раҳбари А.Д. ўзига тегишли бўлган 20 гектар ер майдонини шудгор қилмоқчи бўлганида бир нечта фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилган.

Оқибатда фермер ички ишлар органларига ҳолат бўйича хабар бергач, ходимлари воқеа жойига етиб келиб, жамоат тартибини сақлаб, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган.

Ҳолат юзасидан қаршилик кўрсатган фуқароларга қонунда белгиланган тартибда чора кўриш учун Чироқчи тумани ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Шу ўринда, ижтимоий тармоқ фаолларидан ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти тўғрисида асосланмаган, нотўғри ёки ёлғон хабарларни тарқатмасликларини, бундай ҳолатлар учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган Абдулла Қодирий метро бекати олдида 12 март куни фуқаролар ўртасидаги жанжал содир бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: