16:18 | 05.04.22

                       

Ўзбекистонликлар 2021 йилда энг кўп қайси давлатга ишга кетгани маълум бўлди

Хусусан, салкам 109 минг фуқаро хорижга ишлаш учун юборилган

АОКАда 5 апрель, сешанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2021 йилда салкам 109 минг ўзбекистонлик қайси хорижий давлатларда ишга жойлаштирилгани айтилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «progorodsamara.ru»

Қайд этилишича, 2021 йилда 108 минг 592 нафар фуқаро хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 100 минг 111 нафари Россияга, 6 минг 924 нафари Қозоғистонга, 1 минг 532 нафари Жанубий Кореяга, шунингдек, БАА, Туркия, Польша ва бошқа давлатларга ишлаш учун юборилган.

Шунингдек, хориждан қайтган 192 минг 683 нафар фуқаронинг 15 мингдан ортиғи бандлик билан таъминланган, 2 минг 813 таси касб ва тадбиркорликка ўқитилган. Бундан ташқари, 2022 йилнинг биринчи чорагида 3522 нафар фуқаро хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 2 минг 183 нафари Россияга, 44 нафари Қозоғистонга, 1 минг 293 нафари Жанубий Кореяга ва бошқа давлатларга ишлаш учун юборилган.

Таъкидланишича, ўзбекистонлик мутахассисларни ривожланган мамлакатларга вақтинчалик меҳнат фаолиятига юбориш мақсадида Швейцария, Германия, Словакия, Латвия, Литва, Болгария, Исроил, Польша, Чехия, Сербия, Хорватия, Финляндия, Нидерландия ва Япония каби давлатларнинг ишга жойлаштириш соҳасидаги ваколатли компаниялари билан фуқароларни ташкилий ишга жойлаштириш бўйича 30 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда ўзбекистонлик мигрантлар учун портал ишга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шу билан бирга, Россия Ўзбекистонда мигрантларни тайёрлаш маркази очиши мумкинлиги маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: