17:46 | 07.04.22

                       

Президент ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича топшириқ берди

Ишларни Бош прокуратура назорат қилиши белгиланди

Шавкат Мирзиёев раислигида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ички йўлларни яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бугун муҳокама қиладиган учта масаламиз бевосита инсон қадри билан боғлиқ, халқимизни рози қилишга қаратилган. Уларни бажармасликка ҳеч қайси раҳбарнинг ҳаққи йўқ. Кун тартибидаги биринчи масалада ички йўллар сифатини яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни муҳокама қиламиз.

‘Ташаббусли бюджет’ портали орқали аҳолидан тушган 20 мингта ёки жами таклифларнинг 25 фоизи ҳам ички йўлларни яхшилаш билан боғлиқлиги масаланинг долзарблигини кўрсатмоқда», — деди давлат раҳбари.

Бу борада Андижон тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Вилоятдаги цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, олис ва чекка маҳаллалардаги 23 километр қум-шағал йўллар цемент-бетон қопламага ўтказилган.

Ушбу 31 та маҳаллада асфальт-бетон ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинган. Бу ишларнинг ҳисобига 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалган. Энг асосийси, кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.

Шунингдек, Бош прокуратурага янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Шу билан бирга, Бухоро, Сирдарё, Хоразм вилоятларида цемент корхоналари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан «Ўзбекистон темир йўллари» ушбу вилоятларда йўл қуриш учун темир йўл орқали цемент ва шағал ташишга 50 фоиз чегирма берадиган бўлди.

Йиғилишда йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1 майдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинаётган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди. Мазкур ишларга қўшимча 500 миллиард сўм маблағ ажратилади.

2022 йилда халқаро молия ташкилотларидан 80 миллион, келгуси йилда бу ишларни кенгайтириш учун 200 миллион доллар маблағ жалб қилиш чоралари кўрилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: