8:31 | 08.04.22

                       

Ўзбекистонда пенсияларни нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун банкка 1 фоиз тўлаб берилади

Бу тартиб нафақа ва моддий ёрдам пулларини олишда ҳам қўлланилади

Президент «Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, 1 майдан «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган фуқароларга ва оилаларга кўрсатиладиган моддий ёрдамлар, меҳнат органлари томонидан тўланадиган ишсизлик нафақаси ва стипендиялар ҳамда жазони ўтаб озодликка чиққанларга бериладиган ёрдам пуллари ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилади. Шунингдек, пенсия ва нафақалар билан бир вақтда АТ «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади.

Қайд этилишича, сайёр кассалар томонидан пенсия ва нафақалар ҳамда моддий ёрдам пулларини фуқароларга нақд пулда етказиб бериш хизматлари учун 1 фоиз миқдорда банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади. Бунда ушбу банк зиммасига сайёр кассалар орқали МФЙларига борган ҳолда пенсия ва нафақа олувчиларнинг карталаридаги маблағларини уларнинг хоҳишларига кўра нақд пулга алмаштириб бериш вазифаси юклатилади.

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк ҳамда «Халқ банки»нинг юқоридаги таклифларига розилик берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда пенсия ёшига етган ходимларни ишдан бўшатиш тақиқланганди. Бунда ходим билан тузилган шартнома иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: