9:30 | 08.04.22

                       

Тошкентда «Фарҳод деҳқон бозори» раҳбари ва унинг ўринбосари ушланди

Улар дўкондан ҳар 10 кунда 660 минг сўмдан ноқонуний пул ундириб келган

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги «Фарҳод деҳқон бозори» раҳбари ва унинг ўринбосарининг ноқонуний фаолият юритгани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, 5 апрель куни Тошкент шаҳар ИИББга «Фарҳод деҳқон бозори» АЖ ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Унда бозор директори ва унинг хавфсизлик бўйича ўринбосари уни бозордан чиқариб юбориш билан қўрқитиб, 2021 йил сентябрь ойидан буён ҳар 10 кунлик савдо фаолияти учун 660 000 сўмдан пул маблағларини кассир орқали олиб келаётгани айтилган. Шунингдек, тадбиркор охирги 2 ой учун 3,4 миллион сўм тўлашни ноқонуний равишда талаб қилаётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.  АТ «Халқ банки» Учтепа филиалининг ушбу бозорга хизмат кўрсатувчи кассири, хизмат хонасида ариза муаллифидан 3 400 000 сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, унинг ёнидан кунлик тушумдан инкассация қилинган 8 300 000 сўм ва инкассация қилинмаган 9 150 000 сўм пул топилган.

Тезкор тадбир давомида бозор директори ҳамда унинг ўринбосари ушланиб, унинг «Gentra» автомашинасидан 24 967 000 сўм пул маблағи расмийлаштирилган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда чегара пости раҳбари чегарадан ноқонуний юк олиб кирилишида пора олганликда гумонланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: