17:03 | 14.04.22

                       

Андижонда сохта ички ишлар ходими қамоққа олинди

У фуқароларни тўхтатиб, пул ва телефонини олиб қочган

Андижон шаҳрида фуқароларга ўзини ички ишлар ходими сифатида таништириб, уларнинг пул ва телефонларини олиб қочган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Фото: «Комсомолская Правда»

Таъкидланишича, 1 апрель куни соат 11:00 да номаълум шахс Андижон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий истироҳат боғига борган. У шу ердан ўтиб кетаётган, Булоқбоши туманида яшовчи 18 ёшли М.И.ни тўхтатиб, ўзини ИИО ходими эканини, ушбу ҳудудда профилактик ишларини олиб бораётганини айтган. Шундан сўнг ёнидаги уяли телефон аппаратида тақиқланган видеолавҳалар, эгнидаги кийимларида тақиқланган нарсалар бор ёки йўқлигини текшириб кўриши кераклигини тушунтириб, ушбу нарсаларни унга тақдим қилишини талаб қилган. М.И.га тегишли бўлган, нархи 1 500 000 сўмлик Redmi 9C русумли телефон аппаратини ҳамда шимининг чўнтагидаги 470 000 сўм пулларни олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Бундан ташқари, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 8 апрель куни соат 15:15 да Эркин МФЙда жойлашган Регистон майдонида Олтинкўл туманида яшовчи 20 ёшли Т.О.нинг ёнига борган. Юқорида кўрсатилган важларини келтириб, Т.О.га тегишли, нархи 2 000 000 сўмлик Samsung A10S русумли уяли телефонини сўраб олиб, қайтариб бермасдан, очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, воқеа жойидан қочиб яширинган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Андижон шаҳрида яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам судланган 27 ёшли А.И. содир этгани аниқланиб, ундан талончилик йўли билан қўлга киритилган, Т.О.га тегишли Samsung A10S русумли уяли телефони ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми «а» банди (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда сохта орган ходимига жиноят иши қўзғатилган эди. Шунингдек, Бухорода сохта Миллий гвардия ходими қўлга олинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: