11:54 | 17.04.22

                       

Бухорода гиёҳванд модда сотмоқчи бўлган афғонистонлик эркак ушланди — видео

У 1 килограммга яқин опийни эритиб, чемодан ичига қуйиб олиб ўтган

Бухоро шаҳрида 1 килограммга яқин опий гиёҳванд моддасини яширинча олиб кириб, сотмоқчи бўлган афғонистонлик эркак қўлга олинди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари 39 ёшли эркак кўп миқдорда гиёҳванд модда сотмоқчи бўлгани ҳақида маълумот тўплаган. Мазкур ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.

Туманнинг Тайқир МФЙ ҳудудида у 1,6 килограмм опийни 63 ёшли фуқарога 9100 долларга сотмоқчи бўлган пайтида ушланган. Дастлабки суриштирув даврида қонунбузар уйида яна 1,8 килограмм наркотик модда яшириб қўйгани аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тадбирнинг иккинчи босқичи олиб борилган. 51 ёшли Афғонистон фуқароси 940 грамм опийни Бухоро шаҳрига олиб келиб, 2,5 минг долларга сотган вақтида ушланган. Қўшимча қилинишича, ушбу модда эритилиб, чемодан ичига қуйилган. Шу тариқа, гиёҳванд модда божхона постидан яширинча олиб ўтилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати қатор ҳудудларда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: