11:40 | 19.04.22

                       

Ўзбекистонда кўзи ожиз болалар интернатлари «Нурли маскан» мактаблари деб номланади

Президент қарори билан муассасаларда янгича ўқув тизими белгиланди

«Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда таълим бериш сифатини ошириш ҳамда улар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар Ички ишлар вазирлигига бириктирилиб, «Нурли маскан» мактаблари деб номланди. Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамда бошқа тиббий муассасаларнинг малакали шифокорлари жалб этилган ҳолда, «Нурли маскан» мактаблари ўқувчиларини даволаш-соғломлаштириш ва реабилитация қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, барча мактаблар ҳудудига видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, улар тегишли ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилинади. Шунингдек, қуйида 2022/2023 ўқув йилидан жорий қилинадиган тартиблар эълон қилинган:

  • «Нурли маскан» мактабларининг Брайль ёзувидаги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ҳамда болалар учун мўлжалланган адабиётлар, турли ихтисослик ва йўналишлардаги босма ва аудиокитобларга эҳтиёжи ҳар 6 ойда ўрганилади ва шу асосда адабиётлар рўйхати шакллантириб борилади;
  • кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун белгиланган вилоят ва республика фан олимпиадалари битирувчи синфлар ўқувчилари учун алоҳида ташкил этилади;
  • мактаблар ўқувчилари учун ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади;
  • ОТМнинг тегишли ихтисослик ва йўналишлари бўйича Брайль алифбоси асосидаги адабиётларни чоп этиш тизими йўлга қўйилади;
  • кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этувчи нашриёт-матбаа корхоналари билан декларация қилинган нархлар асосида белгиланган тартибда шартномалар тузишга рухсат берилади.

Келтирилишича, 2022 йил сентябрдан ўғил ва қиз болалар учун алоҳида замонавий жиҳозланган ижтимоий ва маиший йўналишдаги мажмуа (ўқув устахона)лар ташкил этилади. Шунингдек, инклюзив таълим тизими жорий қилинган таълим муассасаларида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг яқин қариндошларига улар билан бирга дарсларда қатнашиш имконияти яратилади. 2022 йил якунигача «Нурли маскан»лар учун ўзбек нутқ синтезатори ва бошқа семантик-эшитиш воситалари билан ҳамоҳанг равишда миллий дизайндаги махсус компьютер дастурлари яратилади ва ўқув жараёнига татбиқ қилинади.

2022/2023 ўқув йилидан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ҳамда таянч ҳаракат аъзолари шикастланган болаларнинг ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда паралимпия спорт турлари (дзюдо, футбол, енгил атлетика) билан мукаммал шуғулланиши учун спорт гуруҳлари ташкил қилинади. 1 октябрдан мактаблар негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида овозли светофорлар ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди. Бундай қурилмаларнинг биринчиси Самарқанддаги кўзи ожизлар махсус мактабида ўрнатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: