20:33 | 19.04.22

                       

Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчи томонидан калтакланди

Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида 11 апрель куни Йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчи томонидан калтакланди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни соат таҳминан 17:30 да вилоят ЙПХ катта инспектори катта сержант А. Камолов тасдиқланган жойлашув тақсимотига асосан Термиз шаҳар ҳудудида ўз хизмат вазифасини бажараётган бўлган. Шу пайт Термиз шаҳар Бўстон маҳалласи Ибн-Сино кўчасидан Темир йўл бекати томонга ҳаракатланиб кетаётган «Nexia-3» автомобили ҳайдовчиси А.Ж. ҳаракат давомида хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани учун унга тўхташ ишорасини берган. Ҳайдовчи машинани тўхтатгач, ЙПХ ходими ўзини таништирган. Сўнг қонунда белгиланган тартибда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини тақдим этишини сўраган.

Фуқаро А.Ж. эса ҳужжатларни тақдим этмасдан турли хил важлар келтириб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармаган. Шунингдек, ҳужжатларини ҳам тақдим этмагани учун ЙПХ катта инспектори А. Камолов А.Ж.га тегишли автомобилни жарима майдончасига олиб кетмоқчи бўлган.  А.Ж. жавобгарликдан қутилиш мақсадида ЙПХ инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг хизмат вазифасини бажаришга қаршилик қилган ва бош, пешона ҳамда юз соҳасига уриб «енгил» тан жароҳати етказган.

Келтирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 12 апрель куни А.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг тергови давомида А.Ж.га нисбатан суд ажрими билан «қамоқ»қа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда ЙПХ ходими ва ҳайдовчи ўртасида тортишув содир бўлганди. Шунингдек, Андижонда прокуратура ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув бўлгани айтилган хабарга изоҳ берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: