23:27 | 21.04.22

                       

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилади

Ҳар ой якунида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётгани мониторинг қилиб борилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия бериш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан «Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун БҲМнинг1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади.

Бунда иш берувчи ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгандан кейин субсидия олиш учун Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади. Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳужжатларни 3 иш кунида ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратиш (ажратишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади.

Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, субсидия ҳар ой учун кейинги ойда (6 ой давомида) иш берувчига тўлаб берилади. Ҳар ой якунида ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётганлиги мониторинг қилиб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган кексаларнинг дорилари давлат томонидан компенсация қилиниши хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: