12:38 | 22.04.22

                       

Бухорода солиқ идораси ходими бошчилигида эркакни «самосуд» қилган тадбиркорларни ушланди — видео

Улар жабрланувчига руҳий тазйиқ ўтказиб, бир неча маротаба урган

Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилоятида солиқ идораси ходими бошчилигида эркакни «самосуд» қилган тадбиркорларни ушлади. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Скрин: Telegram/ @bviib

Маълум қилинишича, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармасида мавжуд тезкор маълумот асосида ДХХ Бухоро вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир олиб борилган.

Аниқланишича, 2022 йил 19 апрель куни бир гуруҳ фуқаролар олдиндан жиноий тил бириктириб, режа тузган ва уни амалга ошириш учун 1993 йилда туғилган фуқаро Д.М.ни Бухоро шаҳар «Карвон бозор» автошоҳ бекатидан «Lacetti» автомашинага мажбуран миндириб, Бухоро шаҳар «Кўкалдош» МФЙ «Гулшан» кўчасида жойлашган қурилиши тугаланмаган уйга олиб борган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бу ерда эркакни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситган. Унга жисмоний куч ҳамда руҳий тазйиқ ўтказган. Танасининг турли жойларига бир неча маротаба уриб, танжароҳати етказган. Гуруҳ аъзолари тезкор тадбир иштирокчилари томонидан жиноят устида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 137- моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Суриштирувлар жараёнида аникланишича, жиноий гуруҳ аъзолари ўзига тўк, оилали, олий маълумотли, ҳатто орасида раҳбар лавозимида ишлаб турганлар ҳам бор. Дастлабки маълумотларга кўра, калтакланган фуқаро савдо дўконларида харидорларга чек бермаётган ва шу орқали давлат ғазнасига тушиши керак бўлган солиқдан қочиб юрган тадбиркорлар ҳақида маълумотлар тўплаган ва уларни тегишли идораларга жўнатган.

Уни бу иши учун жазолашни таклиф қилган фуқаро солик идораси ходими бўлган.Жиноий гуруҳ аъзолари орасида эркакдан аламзада бўлиб юрганлар хам булган ва шу йул оркали йигитдан касд олишни режалаштирган. Жиноятчилар Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда бир нечта фуқаролар бошқа фуқаролар томонидан «самосуд» қилингани, ўзбошимчалик билан сўроққа тутилгани ҳақида маълум қилинганди. Шунингдек, Самарқандда ҳақоратли видео тарқатган эркакни бир гуруҳ фуқаролар «самосуд» қилмоқчи бўлганди. Ҳамда Тошкент вилоятида сойда чўмилаётган аёл «самосуд» қилингани ва Тошкентда 4 аёл ижарадаги шеригини «самосуд» қилгани хабар қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: