17:15 | 29.04.22

                       

Президент Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади

Бу фуқаролар байрамни ўз уйида кутиб олиши учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди

Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолаган.

«Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз», — деган давлат раҳбари.

Шунингдек, мутасаддиларга бу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олиши учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилган. Шу билан бирга, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрам юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифаси қўйилган.

«Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, шу билан бирга, виждоний бурчимизга айланиши керак», — деган Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Лазги» фестивали иштирокчиларига мурожаат қилганди. Шунингдек, Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон Республикасида бўлган Ўзбекистон делегацияси Рамзан Қодировга Шавкат Мирзиёевнинг табриклари ва «Пои Калон ансамбли» картинасини топширганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: