21:31 | 11.05.22

                       

Фарғонада кучли ёғингарчилик сабаб сел келди — видео

Оқибатда транспорт воситалари қатнови вақтинчалик тўхтатилган

Фарғона вилоятининг иккита туманига 11 май куни сел келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 18:00 да қисқа муддатда ёғиб ўтган кўп миқдордаги кучли ёғингарчилик оқибатида Сўх туманининг «Сўх», Фарғона туманининг Шохимардон ҳудуди «Ёрдон» МФЙларида сел оқимлари юзага келган.

Ҳодиса натижасида Сўх туманининг «Малбут» қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Малбут», «Девайрон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Девайрон» сел йўлларида сел оқимлари сой ўзанига сиғмай, «Сўх-Риштон» автомобиль йўлининг қатнов қисмига лойқа ва турли тоғ жинслари оқизиб келган. Оқибатида ушбу автомобиль йўлида транспорт воситаларининг қатнови вақтинчалик тўхтатилган.

Келтирилишича, сел сувлари «Малбут» қишлоғидаги хонадонларнинг ертўла, қўшимча бино ва томорқаларига кирган. Ҳозирда муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Бартараф этиш, сув тошиб кирган хонадонлар сонини аниқлаш ишлари туман ҳокими раҳбарлигида Фавқулодда вазиятлар бўлими ва тегишли хизматлар томонидан амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд туманида 9 майдан 10 майга ўтар кечаси кўп миқдорда ёмғир ёғиши оқибатида сел келганди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти Узун туманида 5 май куни кучли ёғингарчилик сабаб сел келгани ҳақида хабар берилганди. Ҳамда Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудларида 4 май куни кучли ёғингарчилик кузатилгани хабар қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: