9:05 | 13.05.22

                       

Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учради — видео

Оқибатда 2 киши воқеа жойида ҳалок бўлган

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида 12 май куни ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилди. Бу ҳақда «Kazinform» хабар берди.

Фото: «Kazinform»

Маълум бўлишича, ҳодиса Олмаота–Тошкент автомобиль йўлининг 571-километрида вилоятнинг Жуалин туманида содир бўлган. Об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши (ёмғир ва дўл ёғиши) сабаб автобус ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, худди шу йўналишда ҳаракатланаётган трактор тиркамаси билан тўқнашиб кетган.

Фото: «Kazinform»

«Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи ёрдамчиси ва автобус йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлди, 33 киши касалхонага ётқизилди, улардан уч нафари реанимацияда», — дейилади хабарда.

«Kazinform»нинг қўшимча қилишича, тўқнашув содир бўлган автобус салонида ўзбекистонликлар ҳам бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (Транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилган. Керакли текширувлар тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: