9:44 | 15.05.22

                       

Тошкент вилоятида сел оқибатида 25 та хонадонни сув босди — фото

Томорқаларга сув кириб, хом ғиштдан қурилган уйга зарар етган

Тошкент вилояти ҳудуди бўйлаб 14 май куни қисқа муддатда кучли ёмғир ёғиб ўтди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ёмғир ёғиши оқибатида Юқори Чирчиқ тумани Навбаҳор маҳалласи ҳудудидан ўтган Яйилмасой сойи ўзанида ёмғир сувлари тошиши содир бўлган. Обод турмуш кўчасида жойлашган тахминан 25 та аҳоли хонадонлари, томорқа ер майдонларига сув кириши кузатилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Содир бўлган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлими, Юқори Чирчиқ тумани фавқулодда вазиятларда давлат тизимига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб этилган. Шундан сўнг аҳоли хонадонларида сув тортиш ишлари олиб борилиб, ҳозирда тошқин сувлари талафотлари бартараф этилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Юзага келган ҳодиса оқибатида Навбаҳор маҳалласи Обод турмуш кўчаси ҳудудидаги пойдеворга эга бўлмаган хом ғиштдан қурилган хонадон биносига зарар етган. Мазкур ҳолат оқибатида фуқароларнинг тан жарохати олиши ва уй ҳайвонлари нобуд бўлиши тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» хизмати 13–14 май кунлари республиканинг қатор ҳудудларида сел кузатилиши ҳақида огоҳлантириб, шошилинч ахборот эълон қилганди. Унда Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пскент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида кучли ёғингарчилик кузатилиши айтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: