12:11 | 17.05.22

                       

Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси маъқулланди — видео

Алишер Қодиров асосий қонунга ўзгартириш киритилиши сабабини маълум қилди

Қонунчилик палатасида 17 май куни «ЎзЛиДеП» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилиши ўтазилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, энг муҳим қадрият сифатида эътироф этилаётганидан келиб чиқиб, «Ҳаракатлар стратегияси» асосида амалга оширилган ислоҳотларни ҳисобга олиб, мамлакатда конституциявий ислоҳотларни олиб бориш мақсадга мувофиқ деб белгиланган.

«2021 йилдан Ўзбекистонни ривожлантириш учун Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Бу жараёнлар янги мезон, талаблар ва қарашларни шакллантираётгани сабабли Конституцияда ўзгариш ва қўшимчаларни тақозо қилади», — дея таъкидлади Алишер Қодиров.

Бунда кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганган ҳолда пухта ўйланган таклифлар эътиборга олинади ва асосий қонунга (Конституция) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш туфайли ташкилий-ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқиш Олий Мажлис палаталари кенгашларидан сўралади.

«Конституцияни такомиллаштириш масаласи ўтган йилги сайловолди жараёнларида партиямиздан президентликка кўрсатилган номзод ҳамда ишончли вакилларнинг аҳоли билан учрашувларида қарийб барча ҳудудларда сайловчиларимиз томонидан кўтарилган.

Хусусан, сайловолди учрашувларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролик жамиятини, маҳалла, оила институтини ривожлантириш, давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишга масъуллигини ошириш, ёшлар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фанни янги босқичга кўтариш, экология, она табиатни асраш борасидаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган», — дейди либерал-демократик партия раҳбари.

Шундан сўнг Актам Ҳаитов йиғилиш қарорига мувофиқ «ЎзЛиДеП» фракцияси конституциявий ислоҳотларни бошлаш масаласини Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма мажлисига киритишни якдиллик билан қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Шунингдек, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати «ЎзЛиДеП» ҳамда «Миллий тикланиш» партиялари раҳбарлари зиммасига Олий Мажлис палаталари кенгашларига мазкур масалани кўриб чиқиш учун киритиш вазифаси юклатилади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Либерал-демократик партияси» фракцияси депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф билан чиққанди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: