11:52 | 27.05.22

                       

ДТМ чет тилидан касбий имтиҳон тартиби ва тест намуналарини эълон қилди

Унга кўра, 2022/23 ўқув йилида 6 та ОТМда хорижий тилдан ижодий имтиҳон ўтказилади

Ўзбекистонда 2022/23 ўқув йили учун чет тилидан касбий имтиҳон тартиби ва тест намуналарини эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат тест маркази ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

Марказнинг қўшимча қилишича, касбий имтиҳон учун 2 соат 45 дақиқа вақт берилади. Қуйида тест формати ҳақида маълумот берилади:

1-бўлим: Тинглаб тушуниш (45 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл);

2-бўлим: Ўқиш (60 дақиқа / 5 қисм / 30 савол/ 30 балл);

3-бўлим: Ёзиш (45 дақиқа / 2 топшириқ / 30 балл);

4-бўлим: Гапириш (15 дақиқа / 3 қисм / 30 балл).

Жами 120 балл тўпланади. Ушбу ҳавола орқали фақат инглиз тилидан тест намуналарини кўриш мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонидаги мажбурий фанларга ҳам чет тили киритилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, айрим ОТМларга киришда чет тилидан ижодий имтиҳон олиниши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: