22:01 | 03.06.22

                       

Хивада «Паҳлавон Маҳмуд — баҳодирлар ўйини» халқаро турнири ўтказилади

Мусобақада 15 га яқин хорижий давлатдан спортчилар қатнашади

Хоразм вилояти Хива шаҳрида 4–5 июнь кунлари «Паҳлавон Маҳмуд — баҳодирлар ўйини» II халқаро турнири бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу халқаро турнир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Бутунжаҳон Баҳодирлар ўйини федерацияси ва Ўзбекистон Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Мусобақада Ўзбекистондан ташқари Япония, Россия, Бразилия, Италия, Янги Зеландия, Испания, Франция, Исландия, Эрон, Ҳиндистон, Польша, Тожикистон, Озарбайжон ҳамда Қозоғистон давлатларидан спортчилар ва ҳакамлар иштирок этади. Мусобақа иштирокчилари 3 июнь куни Тошкент шаҳрида кутиб олинган.

Мазкур тадбирнинг ўтказилиши спорт туризмини ривожлантириш, нуфузини ошириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшларнинг туризмга қизиқишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, халқаро турнир Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Ҳиндистонда енгилмас қаҳрамон, машҳур педагог, файласуф, сўфий олим бўлган ўзбек халқининг буюк фарзанди Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланади. Маълумот ўрнида, «Паҳлавон Маҳмуд — баҳодирлар ўйини» спорт орқали исломий зиёрат туризмини тарғиб қилувчи дунёдаги ягона халқаро турнирдир.

«Биринчи ‘Баҳодирлар ўйинлари’нинг ташкил этилиши спорт туризми йўналишида халқаро алоқаларнинг ривожлантириш, жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг имиджини янада мустахкамлаш, танитиш ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишга хизмат қилган эди», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: