15:39 | 08.06.22

                       

Тошкентда қўпорувчилик содир этишга уринган террор гуруҳ аъзолари ушланди

Йил бошидан бери экстремистик гуруҳларнинг 250 нафар аъзоси аниқланган

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси 2022 йилда «Ислом давлати» ва «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотлари жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, якка тартибда радикаллашиб, экстремистик ташкилот ва оқимлар ғояларини тарғиб қилиб келган 10 та виртуал гуруҳ ҳамда 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилганини маълум қилди.

Фото: Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси

Таъкидланишича, мазкур шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги номзодлар ёллаб, жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келган.

Хусусан, 2022 йил бошида Тошкент шаҳрида 27 кишидан иборат яширин экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйилган бўлиб, гуруҳнинг айрим аъзолари жанговар ҳаракатлар юз бераётган ҳудудларга боришни режалаштирган ва халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштириш билан шуғулланиб келган. Ҳозирги вақтда ИИВ Тергов департаменти томонидан ушбу гурҳнинг 11 нафар аъзосига нисбатан Жиноят кодекси моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида Тошкент вилоятида яшовчи, 2001 йилда туғилган А.Ш. қўлга олинган. У Сурия ҳудудидаги фаолият олиб бораётган «ТЖК» халқаро террорчилик ташкилоти ғоявий раҳнамоси кўрсатмаси асосида Тошкент шаҳрида яшовчи 9 нафар шахсдан иборат яширин жамоа ташкил этган бўлиб, уларнинг айримлари Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида яшовчи, 18–27 ёш оралиғидаги, айримлари мактаб ўқувчилари ҳисобланган 10 нафар шахсдан иборат “ТЖК”нинг 2 та яширин гуруҳи аниқланган. Ушбу гуруҳлар фаолияти «КТЖ»нинг Суриядаги масъулларидан бири «Абу Ахмад узбекий» томонидан бошқарилган бўлиб, гуруҳ аъзолари пойтахтдаги маъмурий бинолар, аҳоли гавжум жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган ҳамда террорчилик ташкилотлари фаолиятини молиялаштириб келган.

Кечиктириб бўлмайдиган тезкор-тергов тадбирлар натижасида гуруҳ аъзоларидан қўлбола портловчи қурилма таркибий қисмлари ва ниқобловчи буюмлар ашёвий далил сифатида олинган. Гуруҳ аъзоларига нисбатан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодекси моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

2022 йилда хорижий махсус хизматлар билан ҳамкорлик натижасида қидирувда бўлган 59 нафар жангари ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган. Ушбу шахслар чет давлатларда террорчилик ташкилотлар сафига ёлланган бўлиб, уларнинг фаолиятни молиялаштириш, Суриядаги жангарилар лагерларига номзодларни ёллаш ва юбориш билан шуғулланган. Шунигдек, айримлари Ўзбекистонда ва ўзлари бўлиб турган мамлакатлар ҳудудида қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштириб келган.

Жумладан, 2022 йилнинг апрель ойида фарғоналик, 1995 йилда туғилган Х.К. Россия ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Ушбу шахс 2014–2015 йилларда Суриядаги «ТЖК» террорчилик ташкилоти сафида жанговар-қўпоровчилик тайёргарлигидан ўтиб, Россия ҳудудида яширин гуруҳлар яратиш, террорчилик тузилмаларни молиялаштириш каналларини йўлга қўйиш учун ташкилот етакчилари Ш.Ш. ва К.Ш. томонидан юборилган. Х.К.га нисбатан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида «ТЖК»нинг қидирувда бўлган Туркиядаги жангариси — Самарқанд вилоятидан бўлган, 1998 йилда туғилган Б.Д.нинг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида серияли қатор террорчилик хуружларини амалга оширишга қаратилган ҳаракатларига чек қўйилган. Унга нисбатан тегишли моддалар билан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида туғилган, 1999 йилда туғилган С.Х. Россия ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган. Маълум бўлишича, у интернет орқали Суриядаги «Ҳайат Таҳрир аш-Шом» халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари сафига ёлланиб, қўлбола усулда портловчи қўрилмаларни ясаш бўйича ўқувдан ўтган ва Ўзбекистонда қайтганидан сўнг қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширишни режалаштирган.

Бундан ташқари, 2022 йилда «Ҳизб ут-Тахрир» диний-экстремистик ташкилотининг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар, муқаддам жазо ўтаб озодликка чиққан 10 нафар аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган бўлиб, улар интернет орқали ташкилотнинг ғоявий раҳнамоларидан бири ёллови таъсирига тушиб, ўзларининг маслакдошларидан иборат яширин гуруҳ тузган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида талончилик, товламачилик, ўғрилик ва босқинчилик билан шуғулланиб келган 8 та уюшган жиноий гуруҳнинг фаолиятига бархам берилган. Улар террорчилик ташкилотларининг ғоявий таъсирига тушиб, ноқонуний топилган даромадларидан экстремизмни молиялаштириб келган. Айримлари террорчилар лагерларига чиқиб кетишга тайёргарлик кўрган.

Аввалроқ Россияда уч нафар Ўзбекистон фуқароси террорчилик ташкилотига алоқадорликда айбланганди. Шунингдек, ДХХ Суриядаги халқаро террорчилик ташкилотига қўшилмоқчи бўлган 12 кишини ушлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: