11:05 | 20.06.22

                       

Президент Конституцияга ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги нормани киритишни таклиф қилди

«Яшаш ҳуқуқини давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган», — дейди Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтаётгани хабар қилинганди. Давлат раҳбари йиғилишда Конституцияга ўлим жазосини тақиқлаш тўғрисидаги нормани киритишни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг таъкидлашича, инсонга яшаш ҳуқуқини давлат бермаган ва бу унинг табиий ҳуқуқи.

«Яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган. Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга ‘Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади’ деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан», — дея фикр билдирди Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари бу масалага бошқа тўхталмасликни таъкидлади.

«Шу тариқа биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз», —  деди Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Конституциявий ўзгаришларнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: