17:00 | 20.06.22

                       

Александр Лукашенко Ўзбекистонга келиши кутилмоқда

Беларусь президенти ШҲТ саммитида иштирок этади

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 20 июнь куни Минск шаҳрига боргани хабар қилинганди. Беларусь бош вазири Арипов билан учрашувда мамлакат президенти Александр Лукашенко сентябрда Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазир Роман Головченко ташрифдан мақсад ШҲТ саммитида иштирок этиш эканини айтган. Беларусь президенти Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан ҳам икки томонлама учрашув ўтказиши қайд этилган.

Лукашенко ва Ўзбекистон

Александр Лукашенко президентлик фаолияти давомида Ўзбекистон борасида бир қанча баёнотлар берган. Жумладан, у Қозоғистонда содир бўлган январь воқеаларидан, биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ чиқариши кераклигини айтган. Ўзбекистон президенти Лукашенконинг бу сўзларига муносабат билдирган.

«Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деган Мирзиёев.

Шу билан бирга, Лукашенко Ўзбекистон Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

«Биласизми, Беларусь аллақачон ушбу иттифоқда. Қозоғистон учун январдаги норозиликлари яхши сабоқ бўлади деб ўйлайман. Агар сиз 15 йиллик муддат десангиз, Украина иттифоққа қўшилишига ишончим комил. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий заруриятдан келиб чиқиб, ўйлайманки, қўшилади», — деган у.

Ўзбекистон томони Беларусь президентининг мазкур баёнотига ҳам муносабат билдирган. Республика ўз миллий ривожланиш стратегиясига эгалиги айтилиб, Лукашенко бошқа давлатлардаги вазиятга баҳо ва уларнинг ташқи сиёсатига изоҳ бермаслиги кераклиги айтилган.

«Ўзбекистон мустақил, суверен давлат сифатида ўз келажагини аниқ тасаввур қилади ва фақат халқ ҳамда давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг миллий ривожланиш стратегияси йўлидан боришда давом этади», дейилган муносабатда.

Маълумот ўрнида, Беларусь раҳбари Ўзбекистонга оҳирги марта 2018 йил 12 сенябрда ташриф буюрган. Икки давлат расмийлари учрашувида қўшма корхоналар ташкил этиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш зарурлиги таъкидлаган. Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: