8:22 | 01.07.22

                       

Медведев Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариш чақириғига жавоб қайтарди

Чақириқ Зеленский томонидан берилганди

Украина президенти Владимир Зеленский Россияни БМТ Бош ассамблеяси ва Хавфсизлик кенгашидан чиқариб ташлаш кераклигини айтганди. Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бунга муносабат билдирди.

Фото: «РИА Новости»

Медведев бу чақириқни ўзини кўрсатиш ва популистик балл тўплашга уриниш деб баҳолаган.

«Шубҳасиз, Киев расмийлари Совет Иттифоқининг ҳуқуқий вориси – БМТнинг таъсисчи давлати сифатида Россияни БМТ контекстидан чиқариб ташлашнинг иложи йўқлигини яхши тушунади», — деган сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, Киевнинг Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариб ташлаш ҳақидаги чақириқларига шунчаки ҳеч қандай муносабат билдирилмайди. Медведев халқаро шартномаларни бекор қилиш ташаббускори кўпинча Россия эмас, балки АҚШ ва бошқа NATO давлатлари бўлганини айтган.

Бундан ташқари, сиёсатчи NATO жаҳон ҳамжамиятининг иродасини ифодаловчи ташкилот сифатида БМТ ўрнини босиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

«NATO тўғридан-тўғри мамлакатимизни ўзининг янги стратегияси хавфсизлигига асосий таҳдид деб эълон қилди ва Украина инқирозини фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилишга чақирди. Келинг, ўйлаб кўрайлик: бу халқаро ҳуқуқнинг келажагими? Ёки жаҳон ҳамжамиятининг иродасини ифодаловчи ташкилот прототипими? Жавоб аниқ», — таъкидлаган Медведев.

Аввалроқ Дмитрий Медведев урушни ҳал қилишда Зеленскийга маслаҳат берганди. Шунингдек, Украина делегацияси Россия билан музокара ўтказиш шартини айтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: