17:28 | 04.07.22

                       

Европа кенгаши Қорақалпоғистондаги тартибсизликларни бузғунчи кучлар томонидан уюштирилган деб баҳолади

Кенгаш президенти Шавкат Мирзиёев билан мулоқот қилиб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёевнинг 4 июль куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Foto: «AFP»

Келтирилишча, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Суҳбат аввалида давлат раҳбари Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни амалга оширишга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун алоҳида миннатдорлик билдирган.

Еврокенгаш президенти, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш сари очиқ ислоҳотлар йўлини давом эттириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Шу маънода Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилган. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўраган.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тайёрланишини якунига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

«Преференциялар бош тизими плюс» афзалликларидан фойдаланган ҳолда ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар амалий ҳамкорликнинг аниқ дастур ва лойиҳаларини, энг аввало, «яшил иқтисодиёт», рақамлаштириш, инновациялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, экология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталган.

Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан фикр алмашилган.

Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, шунингдек, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчлик қарор топишига кўмаклашиш ва унинг халқига қўлдан келганча ёрдам кўрсатишга қаратилган йирик халқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш масаласи қўллаб-қувватланган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирган. Унда қурбонлар ва инсонлар ҳаётини йўқотишдан чуқур афсусдалигини билдирган.

Шунингдек, Президент Мирзиёев томонидан таклиф этилаётган Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан жамоатчиликнинг хавотирларига тезкорлик билан муносабат билдириш бўйича кўрилган чораларни эътироф этган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди. Шунингдек, давлат раҳбари Қозоғистон президенти билан телефон орқали гаплашганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: