19:07 | 04.07.22

                       

Россия ТИВ Қорақалпоғистондаги вазиятга муносабат билдирди

Унда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланган

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги вазиятга муносабат билдирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, Россия Ўзбекистонда давлат тараққиётининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги мамлакат Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича умумхалқ муҳокамаси бўлиб ўтаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда.

«Шу фонда Нукус шаҳрида содир бўлган тартибсизликлар қонунбузарлар томонидан қўзғатилиб, зўравонлик ва бузғунчилик ҳаракатларига сабаб бўлди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари орасида ҳам бор. Россия элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирча Қорақалпоғистонда жабрланган Россия фуқаролари аниқланмаган», дейилади хабарда.

Муносабатда, шунингдек, Россия ТИВ ҳар қандай муаммони кўча тартибсизликлари билан эмас, балки қонун доирасида ҳал этиш тарафдори экани қайд этилган.

«Биз Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлаймиз ва улар мамлакатнинг ушбу ҳудудидаги вазиятни тўлиқ нормаллаштиришга ҳисса қўшишига ишончимиз комил», дея хулоса қилинган хабарда.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирганди. Кремль Ўзбекистон ҳукуматининг фаол ҳаракатлари билан муаммолар ҳал этилишига шубҳа йўқлигини таъкидлаган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: