19:53 | 05.07.22

                       

Шавкат Мирзиёев Эрдўғон билан телефон орқали гаплашди

Туркия президенти Қорақалпоғистон борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия республикаси президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Етакчилар шу йили март ойида Тошкент шаҳрида ўтган Стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилган. Туркия президенти давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Савдо, транспорт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги икки томонлама лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.

Шунингдек, 2022 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити юзасидан фикр алмашилган.

Давлат раҳбарларини яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити билан бир-бирини қутлаб, мамлакатларимизнинг биродар халқларига фаровонлик ва равнақ тилаган.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилганди. Шунингдек, Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди. Ҳамда давлат раҳбари Қозоғистон президенти билан телефон орқали гаплашганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: