20:06 | 05.07.22

                       

Сурхондарёга Афғонистондан 5 та снаряд келиб тушди

Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса тафсилотларини маълум қилди

Сурхондарёнинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудига 5 июль куни снарядлар келиб тушди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, соат 16:20 атрофида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда Афғонистон ҳудудидан учиб кетган деб тахмин қилинган бешта ракета қулагани қайд этилди. Таъкидланишича, снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, оқибатда ҳеч ким ҳалок бўлмаган, вайронагарчиликлар кузатилмаган.

Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга кичик зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бирлиги томонидан зарарсизлантирилди.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари Афғонистон томони билан биргаликда ушбу ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Аввалроқ Афғонистондан Тожикистонга 7 та ракета учирилгани хабар қилинганди. Снарядларнинг тўрттаси Амударёга, учтаси ўрмонга тушганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: