11:00 | 08.07.22

                       

Ҳудудлар қиёфаси ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси ўсди: Қорақалпоғистонда 6 йилда қандай ишлар амалга оширилди?

Иқтисодиёт фанлари доктори Нодир Расулов республикадаги ислоҳотлар динамикаси бўйича маълумот берди

Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги 5–6 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги айрим ҳолатларда 1991–2016 йилларда бажарилган ишлардан ҳам салмоқли эканини кўрсатмоқда. Бу ҳақда иқтисодиёт фанлари доктори Нодир Расуловнинг «Bugun.uz»га тақдим этган мақоласида сўз боради.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича,мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатнинг барча ҳудудлари сингари Қорақалпоғистонда ҳам улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси сезиларли ўзгариб, аҳолининг турмуш даражаси юксалди. 2017–2021 йилларда амалга оширилган ишлар, уларнинг натижадорлиги айрим ҳолатларда 26 йилда бажарилган ишлардан ҳам салмоқли эканини қуйидаги ҳолатларда кўриш мумкин.

Биринчидан, Қорақалпоғистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилган натижаларни қуйидаги рақамларда кўришимиз мумкин. Хусусан, Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2017–2021 йилларда 32 фоизга ёки 26,3 триллион сўмга ўсди. Ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг сони 2017 йилда 19 200 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилнинг якунига кўра 27 400 тани ташкил этди ёки 59 фоизга ўсди.

Инфратузилмани ривожлантириш эвазига ҳудудда 102 километрдан ортиқ газ қувири тармоқлари тортилиб, 105 километрга яқин автомобил йўллари ишга туширилиб, 2278 километрга яқин сув таъминоти тармоқлари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Янги ислоҳотлар даврида Қорқалпоғистон ҳудудида саноатнинг жадал ривожланишига асосий туртки бўлган тўқимачилик, чарм-поябзал, қурилиш материаллари, мебел маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўртача 3 баробарга ўсди.

Иккинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳудуддаги аҳолини ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш, муносиб уй-жой билан таъминлаш каби соҳаларда ҳам ижобий ишлар қўлга киритилди.

Хусусан, ўтган давр мобайнида ҳудудда 4390 минг квадрат/метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 15,2 мингга яқин, мактабларда эса 38,3 минг ўринлар яратилди ҳамда шифохоналарда 930 та койкалар жойлаштирилиши ҳисобига 127 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етди. «Темир дафтар»га киритилган 65 мингга яқин оила ҳамдаа 16 ёшгача болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Кичик бизнес субъектлари сони эса 2 баробар кўпайиб, қарийб 21 мингтага етди. Бу даврда 83 мингта янги доимий иш ўринлари яратилиб, ўртача иш ҳақи 2,8 баробарга ошиб, 2,7 миллион сўмга етди. 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошди.

Учинчидан, ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, фан-таълим-ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва интеграсияни йўлга қўйиш соҳасида ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, «Қорақалпоқбалиқсаноат» жамияти томонидан «Интенсив тарзда балиқ этиштириш ва уни қайта ишлаш» лойиҳаси доирасидаги корхона 1,2 гектар эр майдонида ташкил қилинди.

Унинг қуввати йилига 200 тонна балиқ, 5 миллион дона балиқ личинкалари этиштириш, 5 минг тонна озуқавий ем ишлаб чиқариш ва минг тонна совуткичли камерада маҳсулотларни сақлаш имкониятига эга бўлиб, у 2020 йилнинг июл ойида фаолиятини бошлаган ҳолда 35 та янги иш ўринлари яратилди.

Тўртинчидан, Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилди. Натижада экологик жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди.

Олиб борилган тизимли ишлар натижасида Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Ушбу ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича келаси 5 йилликнинг миллий дастури ишлаб чиқилмоқда.

Шу боис Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи сўнгги 30 йил ичида биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Албатта юқорида санаб ўтилган ютуқлар, амалга оширилган ишлар бу Қорақалпоғистонда сўнгги 5-6 йилда эришилган натижаларнинг бир қисми, холос.

Охирги йилларда Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор берилиб, катта куч ва ресурслар жалб этилгани ўз натижасини бераётганини юқоридаги рақамларда кўришимиз мумкин. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар ва амалга ошириладиган фаол ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига замин яратади.

«Хулоса қилиб айтганда, ҳудудларни, жумладан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга берилаётган алоҳида эътибор негизида чуқур маъно бор. Бу ҳаракатлар натижасида қорақалпоқ халқини янги уйғониш даврининг пойдевори, унинг асосида эса фуқароларнинг миллий тафаккури, миллий ғояси, эртанги кун ривожига бўлган ишончини оширишга қаратилгандир.

Шу билан бирга ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий-маданий соҳанинг ҳам ривожланишига кафолат бўлиши билан бирга келгусида Қорақалпоқ элини тинчлиги, осойишталиги, фаровонлиги ва порлоқ келажаги учун замин яратади», — деб ёзади Нодир Расулов.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: