7:30 | 11.07.22

                       

Ўзбекистон бош вазирига Ленин ордени, Ҳожибойнинг Қорақалпоғистондаги концертлари, янги Конституция лойиҳаси ҳақида. Ўзбек матбуоти 11 июлда нималар ҳақида ёзган?

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 1932 йил 11 июль, душанба

Йўқсуллар давлатида ёт унсур ҳисобланган бойлардек яшаётган одамларни фош қилиш — совет газеталарининг севимли мавзуси. «Оёқ олиши бойларча» материалидан парча: «Тафтиш яна бир қанча жиноятларни очса керак. Бажанов жуда эркин яшайди. Ўзига ва хотинига турли костюмлар олади, егани фақат оқ бўлка нон, оқ мой, шоколад, конфет ва ҳоказо… Ҳар куни гўштлик овқат ва пиво унинг столида бўлади. Ҳар куни зиёфат, театр, банкет, шойи кийимлар; Бажанов итини ҳам оқ нон билан ва оқ мой билан тўйғазади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

Совет матбуотининг яна бир севимли машғулоти — пиёнисталарни фош қилиш. Иккита гапдан иборат «Раис доим маст» хабари: «Самарқанддаги ‘Қизғин’ артели раиси Мавлон Юнусов артелнинг ишларини йўлга қўймади, жуда оғир аҳволда қолдирди. Чунки у қачон қарасангиз янги растадаги пивохонада вақт ўтказади».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

Дарвоқе, Чиноздаги балиқ бозори бундан 90 йил аввал ҳам бўлган экан. «Балиқ тутишга зўр эътибор керак» материалидан бир парча бунга далил бўла олади: «Жойларда Мерганлар союзининг тузган артелларига муштумзўр ва илгариги балиқ конларининг хўжайинлари кириб олиб, тутган балиқларини ўз хеш-ақраболарига бериш ва савдогарларга сотиш (Чиноз, Бекобод) иши билан оворадирлар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

Дунёда нима гап? «Демократ партиясининг қурултойи Америка раисжумҳур (президент)лигига бўлатурган эндиги сайловларда Франклин Рузвельтнинг номзодини қўйиш учун қарор қилди», — дея хабар бермоқда «Қизил Ўзбекистон». Якунда Рузвельт сайловларда ғалаба қозонади, АҚШни Буюк тушкунликдан олиб чиқади, мамлакатга икки муддатдан ортиқ президентлик қилган ягона инсон сифатида Иккинчи Жаҳон урушида Америкага бошчилик қилади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

«Финляндия раисжумҳури Пер Свинхувуд Шўро-Финляндия бир-бирига ҳужум қилмаслик аҳдини… тасдиқлади. Аҳднинг раисжумҳур томонидан тасдиқланиши унинг қатъий равишда тасдиқланишини билдиради», — деб ёзади «Қизил Ўзбекистон». Финляндия бахтига қарши, бу аҳдномага барибир риоя қилинмайди — 1939 йил ноябрида СССР Финляндияга бостириб киради ва бу Иккинчи Жаҳон урушининг бир қисми ҳисобланган бу воқеа тарихга «Қишки уруш» номи билан киради.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

Иккинчи Жаҳон урушининг яна бир, энг асосий иштирокчиси ҳақида (лекин ташқарида ҳали 1932 йил, атиги 9 йилдан сўнг айни шу саналарда СССР Германиянинг қақшатқич ҳужуми остида қолишини биров хаёлига ҳам келтираётгани йўқ): «Агар бирор киши ҳозир Германияда ким бош вазир деган саволга жавоб бериб: ‘Фон Папен’ деса, қаттиқ янглишади. Фон Папен фақат Германия фашизмининг қўлидаги итоатли қўғирчоқ бўлиб, фашизм раҳбари бўлган ‘буюк’ Адольф Ҳитлер кўзга кўринмасдан кабинетда ҳозир бўлиб туради. Бу киши ‘яширин’ бош вазирликдан ‘ошкора’ бош вазирликка айланиш учун қулай фурсат кутади. Бош вазирликкагина эмас, мумкин бўлганда у юқорироқ ўринга, Қайсар (Кайзер, Германия императори)нинг бекор турган тахтига чиқиб ўтириш учун интилади».

«Берлиндан хат» рукни остида эълон қилинган ушбу мақолада яна шундай дейилади: «Ҳитлерчилар Шўро Иттифоқи билан муносабатнинг узилишини, Шўро Иттифоқига қарши Оврўпо давлатларининг бирлашган фронтининг тузилишини, Узоқ Шарқда СССРга қарши Яопниянинг, Хитойдаги шўро вилоятларига қарши Хитой генералларининг қувватланишини талаб қиладилар. Ҳитлерчилар яна бутун дунё яҳудийларига қарши (албатта, бой бонкачи ва фабрикант яҳудийлар бунга кирмайди, чунки Ҳитлер улардан моддий ёрдамни икки қўллаб олади) чоралар кўришни талаб қиладилар. Ҳитлерчилар негрларга, бутун дунё пролетариатига қарши ҳаракат қилинишини талаб қиладилар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 11 июль сонидан лавҳа

60 йил аввал. 1962 йил 11 июль, пайшанба

Ўзбекистон бош вазири Раҳмонқул Қурбонов 50 ёшга тўлиши муносабати билан Ленин ордени билан мукофотланган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 11 июль сонидан лавҳа

Москвада батамом қуролсизланиш ва тинчлик учун курашга бағишланган Жаҳон конгрессида СССР етакчиси Никита Хрушчёв нутқ сўзлаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 11 июль сонидан лавҳа

Ўзи тўрт саҳифа бўлган «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 11 июль сони мана шу нутқ билан тўлган. Хрушчёв ўз нутқи давомида АҚШнинг стратегик авиацияси 1961 йил ноябрида 12 дақиқа давомида СССРга қарши уруш ҳолатида турганини айтиб ўтган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 11 июль сонидан лавҳа

Шунингдек, Хрушчёв СССР 1955 йилдан 1958 йилга қадар қуролли кучларини 2,14 миллион кишига «ўз хоҳишига кўра» қисқартирганини, 1960 йилда ҳам яна 1,2 миллион кишига қисқартиришни мақсад қилгани, бироқ «Ғарб давлатлари СССРга қарши уруш очмоқчи бўлиб, ошкора таҳдид қилаётганликлари натижасидагина СССР солдатларни ва офицерларни демобилизация қилишни тўхтатиб қўйишга мажбур бўлгани»ни маълум қилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 11 июль сонидан лавҳа

30 йил аввал. 1992 йил 11 июль, шанба

Ўзбекистон парламентининг «Ҳарбий қасамёд тўғрисида»ги қарори матбуотда эълон қилинган (бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳарбий қасамёд матнидир):

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Конституция комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари Ш.Ўразаевнинг парламентнинг 10-сессиясида Ўзбекистон янги Конституцияси устидаги ишнинг бориши ва Конституция комиссияси таркибига қўшимчалар ҳамда ўзгартишлар киритишга доир ахбороти эълон қилинган. Ушбу ахборотнинг айнан ҳозирги, 2022 йилги кунлар учун аҳамиятли бир қисми бор. Унда, жумладан, шундай дейилади:

«Конституция лойиҳасининг яна бир хусусияти шундан иборатки, у Ўзбекистон Республикаси таркибига Қорақалпоғистон Республикаси киришини ҳисобга олиб, уларнинг ўзаро муносабатларида тенгҳуқуқлиликни мустаҳкамлайди, Қорақалпоғистон Республикаси мустақиллигини ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан республика қонунларига мувофиқ чиқиб кетиш ҳуқуқини мустаҳкамлайди. Шу ҳуқуқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари Конституцион қонунларида биринчи марта Ўзбекистоннинг Конституцион ҳужжатларида акс эттирилди ва мустаҳкамланди».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Тошкент автомобиль-йўллар институти ректори С.Пўлатов 1992 йилдан синов тариқасида жорий этилаётган тест имтиҳонларидан қўрқмасликка чақириб, мақола ёзган. «Бунда ҳар бир абитуриент билими одилона баҳоланади», — деб ёзади ректор. Мақоладан ҳозирда Президент мактабларига имтиҳон топшираётган ўқувчиларда бор ҳуқуқ — тест жавобларини қаламда белгилаш имконияти бундан 30 йил аввал олий ўқув юртларига ўқишга кираётган абитуриентларда ҳам бўлганини билиб олиш мумкин.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Қисқа хабарлар — Хўжанд мусиқали драма театри артисти Ҳожибой Тожибоев Қорақалпоғистонда кулги кечалари ўтказган:

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Самарқанднинг бош майдони — Кўксаройда ўрнатиладиган Озодлик ёдгорлигига эълон қилинган танловга бирорта лойиҳа йўлланмаган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги бир қатор идора ва ташкилотларида «бола тарбияси билан кўпроқ шуғулланишлари, кунлик уй юмушларидан вақтлироқ қутулиб, маданий ҳордиқ чиқаришларига имкон яратиш» мақсадида хотин-қизларнинг кунлик иш меъёрлари бир соатга қисқартирилган:

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан Қушбеги ва Бошлиқ мавзелари ҳамда Ўрта Осиё темирйўл бошқармаси 2-вагонлар депоси ҳудудида бунёд этила бошланган масжидлар қурилиши учун хайрия маблағларини қабул қилиниши ҳақида эълон:

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 11 июль сонидан лавҳа

Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: