12:54 | 11.07.22

                       

АҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

Элчи Жавлон Ваҳобов конгрессменлар билан музокаралар олиб борди

Қорақалпоғистондаги вазият ва Ўзбекистоннинг минтақа тинчлиги, барқарорлигини таъминлаш борасидаги ҳаракатлари тўғрисида холис маълумот бериш учун элчи Жавлон Ваҳобов видеоконференция орқали АҚШ Конгресси аъзолари билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Учрашувда АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитасининг Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё минтақаси бўйича қуйи қўмитаси ҳамраиси Стив Чабот Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг асл сабаблари тўғрисидаги батафсил маълумот ва ҳукуматнинг минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлари учун миннатдорлик билдирган.

Шуниндек, у АҚШ Ўзбекистоннинг кенг қамровли, очиқ ва ишончли тергов ўтказиш ниятини олқишлашини айтган. Стив Чабот АҚШ Конгрессидаги «Ўзбекистон бўйича Кокус аъзоси» ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмита ҳамраиси сифатида Қорақалпоғистондаги мавжуд вазиятни яқиндан кузатиб боришини ва ҳукуматнинг уни нормаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтган.

«Ишончим комилки, яқинда юртингизни қамраб олган бу фожиа ёруғ келажак учун бошланғич нуқтага айланади, бундай ҳолат бошқа такрорланмайди, бу ҳудудда яна тинчлик ва осойишталик ҳукм суради», — деган 2021 йил октябрда америкалик қонунчилар делегацияси таркибида Ўзбекистонга ташриф буюрган Конгрессдаги Ўзбекистон Кокус аъзоси Дон Бэкон.

Ўзбекистон элчихонаси хабарига кўра, учрашув якунлари бўйича АҚШ конгрессменлари «Congressional Record»ни АҚШ Конгрессига тақдим этишга тайёр эканини маълум қилган. «Congressional Record» АҚШ Конгрессининг расмий ҳужжати бўлиб, АҚШнинг барча сенаторлари ва конгрессменлари идораларига тарқатилади, уларнинг фикрича, бу Конгресснинг барча аъзоларига минтақадаги воқеалар ҳақида объектив маълумотларни етказиш нуқтаи назаридан фойдали бўлади.

Бундан ташқари, конгрессменлар мазкур ҳужжатга Қорақалпоғистонга оид маълумотларнинг киритилиши маълум даражада Конгресс аъзоларининг бу борадаги ҳамжиҳатлигини кўрсатишини таъкидлаган.

Аввалроқ АҚШ Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирганди. Шунингдек, Россия ТИВ Қорақалпоғистондаги вазиятга баҳо берганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: